05.12.2014 Конституция – бахтимиз пойдевори
Мустақиллик маҳсули ва тимсоли бўлган Қомусимизда инсонларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс муносабатлари, эркин меҳнат қилиш, билим олиш кабилар аниқ белгилаб берилган.
Шу боис ҳам бугун мана шу конституция асосида ривожланиб бораётган юртимизни дунё тан олмоқда.
Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи ва Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография Олий мактаби билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир “Конституция – бахтимиз пойдевори” деб номланди.
Тадбирни Ўзбекистон Бадиий Академияси бош илмий котиби Абдумажид Мадраимов кириш сўзи билан очиб берди. Конституция моҳияти ва вазифалари ҳамда унинг ишлаш принциплари ҳақида йиғилганларга атрофлича сўзлаб берди.
Тошкент шаҳар маданият ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Малика Каримовна Жалилова эса Конституциянинг 58 – 59 моддаларига биноан олиб борилаётган касаба уюшмаларининг фаолияти, берилаётган имтиёзлар ҳақида гапириб берди. Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография Олий мактабининг маънавий – маърифий ишлар бўйича проректори Фахриддин Икрамходжаев Конституциямизда билим олиш ҳуқуқлари ҳақида ўқувчиларга кўникма берди. Тадбир Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография Олий мактабининг 9 – синф ўқувчилари ўртасида билимдонлар беллашувига уланиб кетди. Учта синфдан ташкил топган гуруҳлар иккита шарт бўйича беллашишди. Ўқувчиларнинг Қомусимизни яхши билиши, ўз ҳуқуқ ва бурчларини англаши мана шу билимдонлар баҳсида яққол сезилиб турди. Кўтаринки кайфиятда ўтказилган ушбу тадбир куй ва қўшиқларга уланиб кетди.
|