10.10.2014 ПРЕСС – РЕЛИЗ. VII – Халқаро Тошкент Фотобиенналеси - 2014 “Ўхшашлик: Тасаввур ва Борлиқ”. 6 – 12 октябрь
2014 йилнинг 8 октябрь куни соат 14.30 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида“Ўхшашлик: тасаввур ва борлиқ” деб номланган VII Халқаро Тошкент Фотобиенналеси иштирокчиларидан япониялик рассомларнинг фотокўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон – энг йирик маданий марказлардан биридир. Шу боис ҳам турли хил халқаро форумлар, фестиваллар, замонавий санъат биенналелари доимий ўтказилиб борилади.
Санъат халқларни бирлаштиради. Еттинчи бор Тошкентда ўтказилаётган Халқаро Фотобиенналега жаҳоннинг жуда кўп мамлакатларидан ижодкорлар ташриф буюришган. Булар таниқли фоторассомлар, турли хил жанр ва йўналишда ижод қилаётган, бадиий ифодалилик йўналишининг янги шаклларини яратаётган етакчи изланувчилар иштирок этмоқда.
Бу йилги Фотобиеннале “Ўхшашлик: тасаввур ва борлиқ” деб номланди. Ушбу Фотобиеннале доирасида “Болалик саҳни” деб номланган халқаро танлов ҳам ўтказилади.
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида япониялик рассомлардан 5 нафарининг ижод намуналари ҳамда латвиялик фоторассом Анна Аткинс ишлари намойиш этилмоқда. Жумладан, Наоюки Огинонинг “Авлодлар сархушлиги” номли композицияси, Жин Акинанинг “Сурат ва сийрат” фоторасмлар тўплами, Сиоюта Нагасе каби япониялик фоторассомларнинг ишлари ҳар бир томошабинда ўзгача тасаввур кашф этиши аниқ.
Фоторассом Наоюки Огино – 1975 йили Япониянинг Токио шаҳрида туғилган. 2012 йили ўтказилган VII – Халқаро Тошкент Фотобиенналесида фоторассомнинг “Комомо – Гейша қўшиқчининг саёҳати” номли композицияси юртимиз санъат ихлосмандлари томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Бу йил эса “Авлодлар сархушлиги” фотосуратлар тўплами намойиш этилмоқда.
Фоторассом Мияко Ищучи – Кирю шаҳрида туғилган ва Ёкосукада яшаган. У биринчи марта шахсий кўргазмасини 1970 – йилнинг иккинчи яримида намойиш қилган. 30 йиллик фаолияти давомида муваффақиятга эришиб бориб, замонавий япон санъатининг муҳим шахсларидан бирига айланди. Ищучи ўзининг илк ишларини шаҳар кўчалари, бинолар ва деворлар кўринишидаги қўпол фотосуратлар бўлганлигини тан олади. 80-йиллар охиридан бошлаб одам танасига қизиқиши ошди ва аёл қўли ҳамда оёқларини тасвирланган фотосуратлар тўпламини яратди. Унинг “1.9.4.7” номли, “1899”, “1906 терига”, “Тирноқлар”, “Яра изи ва айбсизлик”, “А дан А гача” каби ишлари ҳар хил аёл ва эркак қўл ҳамда оёқларини тасвирлайди.
2002 йили Ищучи “Онага” номли кўргазмасини намойиш этди. Ушбу кўргазма фотосуратлари онасининг ўлимидан кейин қолган расмлар тўпламидир.
2005 йили фоторассом янги йўналишга қўл урди. Хиросима шаҳрида портлаган атом бомбаси жабрланувчилари унинг фотоальбоми қаҳрамонлари бўлди.
Халқаро маданият карвон саройининг кичик залида таниқли япон рассоми Икуо Хираяманинг дунёга машҳур бир қанча асарлари ҳамда Мари Миҳаши чизган Кабуки театри қаҳрамонлари намойиш этилмоқда.
Фотобиенналенинг чет эллик иштирокчилари Бухоро шаҳрига саёҳат қилишади.
|