Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ.Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган “Кандакорлик санъати дурдоналари” кўргазмаси
27.08.2014
ПРЕСС-РЕЛИЗ.Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган “Кандакорлик санъати дурдоналари” кўргазмаси
2014 йил 28 август куни соат 17.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Фахриддин Абдужабборовнинг коллекциясидан “Кандакорлик санъати дурдоналари” номли кўргазмаси бўлиб ўтади.

Кўргазмада 60 дан ортиқ кандакорлик ишларининг бой намунаси намойиш этилади.
Бир неча йиллардан бери Ўзбекистоннинг бой маданий меросини ўрганиш, уни тўплаш ва сақлашда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган юртдошимиз Фахриддин Абдужабборовнинг “Тикланиш” лойиҳаси бўйича кўргазмалар намойиш этиб келинмоқда.

Булардан миллий либослар, дўппилар каби кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотган эди. Энди эса каттагина коллекцияни ташкил этган кандакорлик ишлари юртдошларимиз учун Мустақиллигимиз 23 йиллиги олдидан бир туҳфа десак бўлади.
Ўзбекистоннинг бой ва ранг-баранг халқ амалий санъатида торевтика – металлдан ясалган буюмларга ишлов бериш яъни кандакорлик санъати алоҳида ўрин эгаллайди.

Бу санъат ўзининг қадимийлиги билан керамикадан кейинги ўринда туради. Маҳаллий усталар ўз асарларини олтин, кумуш, мис, бринч ва жез металлардан ишлашган. Жуда қадим замонлардаёқ бринчдан буюмлар ясаш урф бўлган. Қадимги ва илк ўрта аср кандакорлиги асосан, ҳалланган кумуш буюмларда ўз ифодасини топган. XI асрдан бошлаб эса бутун Ўрта ва Яқин Шарқда бўлганидек, Ўрта Осиёда ҳунарманд кандакорлар ўз маҳсулотларини нуқул мис ва мис қотишмаларидан тайёрлай бошлашган.

Кандакорлик – бу қўлда бажариладиган нозик иш бўлиб, у биргина асбоб – пўлат қалам ёрдамида амалга оширилади. Қалам биттагина эмас, албатта ҳар хил бўлган. Унинг қанақа бўлиши миллий нақш ва гулларга ҳамда уларнинг қай йўсинда таширилишига боғлиқ. Булардан ташқари асбоблар таркибида яна болғача ҳамда нақш ўйилгандан кейин буюм сиртини ялтиратишда иўлатиладиган эговлар – ранда ва мисқол бўлган. Кандакорлар буюм устига доирали нақш тушириш учун гоҳо паргордан фойдаланишган.

Ўзбекистон кандакорлиги III-VIII асрларда яъни сўнгги антик ва илк ўрта асрларда ўзининг чинакам тараққиётига эришди. Бу пайтда ҳокимлар ва аъёнлар учун мўлжалланган , қимматбаҳо металлардан қилинган бадиий буюмларда дунёвий мавзулар - тўй-томоша ва тахтга ўтириш маросимлари, шикор ва кураш манзаралари биринчи ўринда турган. Олтин ва кумуш буюмлардаги безакларда қадимги Эрон, эллада, ҳинд-будда, аммо асосан, Ўрта Осиё диний мифологик сюжетларини акс эттириш кенг расм бўлган.

XIX-XX аср бошларида ясалган буюмлар ўз кўринишлари, шакллари ҳамда турларида қўлланишлари бўйича ғоят ранг-барангдир. Айниқса, чой дамлаш ва сув сақлашга мўлжалланган турли туман нақшлар билан безатилган зебо кўзаларнинг номлари ҳам ҳар хил бўлган. Кўринишлари ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади.

Сув, сут, шарбат, ширинлик ва ҳўл мевалар солинадиган идишлар, туфдонлар, дастшўлар, доира ва тўртбурчак баркашлар, нон иситиладиган нондонлар, саврилар, чархумилар ва чўмичлар ҳам расм бўлган. Довул, савдогарларнинг ғаладонлари, қимматбаҳо тақинчоқлар сақланадиган сандиқчалар, қаламдонлар, чилимлар ва чироқдонлар ҳамда шамдонларга чекилган нақшларнинг шакллари ҳам, ишлов бериш усуллари ҳам асло бир-бирига ўхшамайди. Баъзан қозон, челак сингари йирикроқ буюмларга ҳам оддий нақшлар билан зеб берилган.

Шакл ва нақшларнинг ўзига хослиги борасида Хоразм кандакорлик мактаби анча барқарор хусусият касб этади. Масалан, барча турдаги хоразмча сувкўзаларни бошқа жойларда номи ўзгача бўлган худди шундай кўзаларга на уларнинг шакли билан, на безаклари билан таққослаб бўлади. Хоразмда дастшўй эмас, “селобча” деб юритиладиган идиш, хусусан, диққатни ўзига тортади. Уларнинг қорни каттароқ, тагида, ҳатто капи ҳам бўлади. Ўзбекистонда Хивадан бошқа ҳеч бир жойда мис носқовоқ ясалмайди. Хива усталари ботиқ усулдаги кандакорликдан кўпроқ фойдаланади.

XIX аср охири ва XX аср бошларида Қўқон шаҳридаги кандакор Отауллаевлар оиласида олти оға-инининг ҳаммаси шу ҳунарнинг усталари бўлишган. Сулоланинг энг тўнғичи Отаулла Муҳаммад ражаб фақат кандакор эмас, муҳркан ҳам бўлган. У шоҳ саройи устахонасида қуролларга нақш солган. Мис бакашларга Худоёрхон қасрининг тасвирини туширишда у ягонаи замона ҳисобланган.

Фахриддин Абдужабборовнинг мақсади “Тикланиш” лойиҳаси орқали ўзбекистоннинг минг асрлик анъаналарини ўрганиш ва уларни топиш ҳамда сақлашдир. Ушбу коллекцияларни йиғишда Фахриддинга кўпгина тарихчи олимлар, этнографлар, санъатшунослар яқиндан ёрдам бериб келишмоқда. “Кандакорлик санъати дурдоналари” номли кўргазмага жамланган экспонатлар ҳам Фахриддин Абдужабборовнинг саъй – ҳаракатлари натижасидир.

Зеро, ўтмишимизни билиш, ота-боболаримизнинг улуғ миллат соҳиби эканлигини англаш ва уларнинг босиб ўтган йўлларини қадрлаш ҳамда авлоддан-авлодга етказиш бурчимиздир.
Просмотров 650    Рейтинг 47   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото