Все новости
Сайқал топаётган санъат
12.03.2014
Сайқал топаётган санъат
Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Республикаси халқ устаси Баҳодир Ниёзовнинг “Баҳорни соғиндим...” деб номланган ижодий кўргазмаси очилди.

Соғлом бола йили муносабати билан ташкил этилган ушбу кўргазмага ижодий ташкилотлар вакиллари, санъатшунослар, мусаввирлар, уста-ҳунармандлар, санъат ихлосмандлари, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Юртимизда миллий анъана ва қадриятларни ривожлантириш, халқ амалий санъати ва ҳунармандликнинг нодир намуналаридан халқимиз, айниқса, ёшларни баҳраманд этиш, уста ва ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 30 мартда қабул қилинган “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Баҳодир Ниёзов Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида бадиий безаш йўналиши бўйича таҳсил олган. Қарши санъат билим юртида кўп йиллар талабаларга тасвирий санъат сирларидан сабоқ берган. Кулол “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” унвонига сазовор бўлган. Уста Касби кулолчилик мактаби сирларини чуқур ўрганиб, миллий ҳунармандлик анъаналарини авлоддан авлодга етказиш, янада бойитишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

– Она заминимизнинг тупроғи серунум, баракали бўлиши билан бирга ажойиб хусусиятларга ҳам эга, – дейди Б.Ниёзов. – Ундан ясалган кулолчилик намуналари жаҳон аҳли эътиборини тортиб келмоқда. Аждодлар анъаналарини давом эттириб келаётган қўли гул уста ва ҳунармандларимизнинг ижод намуналари нуфузли халқаро фестиваллар, кўргазмалар, кўрик-танловларда совринли ўринларга лойиқ топилмоқда. Буларнинг бари истиқлол йилларида ижодкорларга самарали меҳнат қилиш учун яратилган имкониятлар туфайлидир.

Кулол бадиий безаш ва меъморчилик билан боғлиқ бир қанча монументал бадиий композициялар яратган. Жумладан, Ғузор тумани Қовчин қишлоғидаги “Тоҳир ва Зуҳра” меъморий мажмуаси учун ҳайкалтарошлик ва керамика услубида яратилган композиция, Қарши шаҳридаги Амфитеатр биносининг кириш қисми учун икки қисмдан иборат панно ўзига хослиги билан аҳамиятлидир.

Айни вақтда кулол “Устазода” ижодий ишлаб чиқариш корхонасида ўнлаб шогирдларига кулолчилик сирларини ўргатмоқда. Унинг қўлида сайқал топган, табиий бўёқлар билан жило берилган буюмлар санъат ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди.

ЎзА, Барно Мелиқулова, Асқар Ёқубов (сурат), 12.03.2014 19:14

http://uza.uz/oz/society/31235/
Просмотров 759    Рейтинг 41   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото