Все новости
“Баҳорни соғиндим...” номли биринчи шахсий кўргазмаси.../Пресс-релиз/
07.03.2014
“Баҳорни соғиндим...” номли биринчи шахсий кўргазмаси.../Пресс-релиз/
Ўзбекистон Республикаси Халқ устаси, рассом-кулол Баҳодир Ниёзовнинг “Баҳорни соғиндим...” номли биринчи шахсий кўргазмаси ва 55 ёшга тўлиши муносабати билан ижодий кечаси

2014 йил 12 март соат 16.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Рассом-кулол Баҳодир Ниёзовнинг “Баҳорни соғиндим...” номли биринчи шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Баҳодир Бобоевич Ниёзов – 1959 йил 15 август куни Қашқадарё вилояти Қарши тумани Бешкент шаҳрида туғилган. Мактабни тугатгач, 1978-84 йилларда Республика рассомчилик билим юртида “Бадиий безаш” йўналиши бўйича таълим олган. У ерда китоб графика рассомлари Дмитрий Григорьевич Цырин ва Абдуқаҳҳор Маҳкамовлардан сабоқ олди.

1984-1997 йилгача Қарши Давлат санъат билим юртида ўқитувчилик қилган.
1997 йилдан – 2009 йилгача Қашқадарё вилоят Ҳунарманд уюшмаси раиси лавозимида ишлади. Ҳозирги кунда “Устазода” ижодий ишлаб чиқариш корхонасида мустақил ижод қилади.

Баҳодир Ниёзов Қашқадарё вилоятида унумли ижод қилиб келган рассом-кулоллардан биридир. 1998 йилдан бошлаб унинг ижодида янги бурилиш-анъанавий кулолчиликка қизиқиш жуда кучайди. У Касби кулолчилик мактабини чуқур ўрганди.

Унинг раҳбарлигида вилоят соғлиқни сақлаш биноси ички безак ишлари, вилоят ташхис маркази фойесидаги керамика услубида ишланган фонтан, вилоят ҳокимияти маъмурий биносининг қишки боғи учун керамика усулидаги композициялар ишланди. Қарши шаҳрида бадиий безаш ва меъморчилик билан боғлиқ бир қанча монументал бадиий композициялар яратди. Жумладан, Ғузор тумани Ковчин қишлоғидаги “Тоҳир ва Зуҳра” меъморий мажмуаси учун ҳайкалтарошлик ва керамика услубида бир қанча композициялар ишлади. Бу иши уни элга янада танитди.

Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилейига шаҳардаги 2500 ўринли Амфитеатр биносининг кириш қисми учун монументал панно яратди. Ушбу панно икки қисмдан иборат бўлиб, чап қисмида арслон образи акс эттирилган. Ўз муқаддас ерининг қўриқчиси бўлган арслон давлат ва куч тимсолидир. Ўнг томонида тасвирланган қанотли туя тасвири XII – аср сўғд маданиятига хос бўлиб, бу Эрмитажда сақланадиган кумуш кўза манбаси асосида ишланган.

Баҳодир Ниёзов ижодида қадим Касби кулолчилик анъаналари асосида ишланган сопол идиш тўпламлари билан бир қаторда ҳайкалтарошлик услубидаги деворий лаганларга ишланган композициялар алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг шоира Увайсийнинг “Анор” шеърига бағишланган “Қордаги анорлар”, шоир Чўлпоннинг “...Тиканли боғчалар чечак кўргуси...” мисраларига бағишланган композициясида унинг ўзигагина мос услуб сезилиб туради. Рассом – кулолнинг ижоди бошқалардан бироз фарқ қилади.

У шеър мутолаа қилиб ва уни чуқур таҳлил этиб, сўнг ижод қилади. Баҳодир Ниёзовнинг моҳирона шеър ўқиши, адабиётнинг сеҳрига сингиб кетиши кишини лол қолдиради. Уни шоир деб ҳам аташ мумкин, чунки у сўзлари, дард ва ўйлари ила лойни сўзлатади. У яратган асарларга қарасангиз, ўз-ўзидан шеърий мисраларни тиза бошлайсиз.

Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшалган инларга жонлар киргуси.
Тиканли боғчалар чечак кўргуси
Ҳақ йўли албатта бир ўтулғуси
Жандалар танимга теккан кунларда.

Рассом-кулол Баҳодир Ниёзов ижоди 2003 йил ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланиб, унга “Ўзбекистон Республикаси Халқ устаси” унвони берилди. Ўзининг ижодига шўнғиб кетган ва улардан баҳра олиб яшаётган Баҳодир Ниёзов биринчи бор шахсий кўргазма ўтказишга аҳд қилди. Кўргазма “Баҳорни соғиндим...” деб номланиши ҳам шоир Чўлпоннинг ушбу шеърига бағишланган композицияси асосидадир.
Кўргазмада рассомнинг 50 та асари намойиш этилади.

Г. Саодатова

Фото работ смотрите по ссылке:
https://www.facebook.com/media/set/?set=a.10201548287534521.1073741945.1397232601&type=1&l=36c407dfd3
Просмотров 920    Рейтинг 60   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото