05.08.2013 “Шу Ватанга бордир менинг керагим” - Назира Боймуродованинг шахсий фотокўргазмаси
2013 йилнинг 7 август куни соат 16.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро Маданият карвон саройининг кичик залида фоторассом Назира Боймуродованинг “Шу Ватанга бордир менинг керагим” номли шахсий фотокўргазмасининг очилиши бўлиб ўтади.
Назира Боймуродова – 1981 йили Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида туғилган. 2011 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг “Халқаро журналистика” факультетини тамомлаган. Назира кўп қиррали ижодкор: шоира, публицист, журналист - шу билан бирга бадиий фото санъати билан ҳам мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Назира 2010 йили Тошкент фотосуратлар уйи қошидаги фотосанъат мактабини тамомлаб, кўплаб танловларда иштирок этди. Жумладан, “Объективда – номоддий маданий мерос” танловида 1 – ўринни, “Биз бунёдкор халқмиз” танловида 2 – ўринни, “Мустаҳкам оила – жамият таянчи” танловида 3 – ўринни эгаллади. VI – Халқаро фотобиенналеси иштирокчиси. Қисқа вақт давомида 10 га яқин шахсий фотокўргазмалар ташкил этган.
Назира Боймуродова ўзининг бадиий фотосуратлари орқали халқимизнинг маданий ва маънавий дунёсининг бойишига ҳисса қўшаётган истеъдодли ва умидли ёш фоторассомлардан биридир. Унинг ранг – баранг фотосуратларида ўзбекона миллий урф – одатлар, қадриятлар, бахтли болалик, юртимизнинг гўзал манзаралари акс эттирилган фотосюжетлар ўрин олган.
Мустақиллигимизнинг 22 йиллигига бағишланган “Шу Ватанга бордир менинг керагим” номли Назира Боймуродованинг шахсий фотокўргазмасида 60 дан ортиқ энг яхши ишлари намойиш қилинмоқда.
Назира “Ҳаракатда ҳаёт бор” шиорига амал қилади. Ҳозирда “Оила ва жамият” газетасининг фотомухбири лавозимида ишлаш билан бирга “Маданият ва маърифат” телеканали журналисти бўлиб ҳам фаолият олиб бормоқда. Ўйлаймизки, серқирра ижодкор Назира Боймуродованинг ижоди янада гуллаб яшнайди. Эслатиб ўтамиз, фотокўргазма шу йилнинг 26 августигача давом этади.
Шахсий кўргазмалари:
1. “Баркамол авлод орзуси” 2010 йил 7 декабрь (ЎзДЖТУ) 2. “Гулдаста” 2011 йил 22 февраль (ЎзДЖТУ) 3. “Хуш келдинг, умримнинг баҳори”- 2011 йил 26 май (ЎзДЖТУ) 4. “Дарёдан бир томчи” 2012 йил 20 май Тошкент, Фотосуратлар уйи 5. “Она юртим – ота маконим” 2012 йил 29 май, Жиззах вилояти 6. “Қалбимдаги гавҳарим,Ватан” 2012 йил 5-6 декабрь, Сирдарё вилояти 7. “Қалбимдаги гавҳарим,Ватан” 2012 йил 20 август, Нукус шаҳрида 8. “Юрагимга яқин одамлар” 2013 йил 25-26 январь, Самарқанд шаҳрида 9. “Болалигим сени соғиндим” 2013 йил 25-26 май, Жиззах вилояти 10. “Шу Ватанга бордир менинг керагим” 2013 йил 7-26 август, ХМКС
www.art-academy.uz www.caravanserai.uz
ПРЕСС-РЕЛИЗ
Телефоны для справок : 256-35-56, 252-74-73, 252-30-88
|