Москвага борганимда шошиб қолдим. Билим юрти ҳовлисида абитуриентлар кўп. Мен ўқишга кира олармикинман, ахир мен сангтарош бўлсам. Имтиҳон эса акварель ва расм чизишдан эди. Чўчиганим бекор экан, берилган топшириқни жуда чиройли чиздим, беш баҳо қўйишди. Шундан кейин ўқиш даврида барча билимларни қунт билан ўрганишга, эгаллашга ҳаракат қилдим. Сўнгги курсларда илк ясаган ҳайкалим Собир эди. Биз курсдошлар орасида бир-биримизнинг портрет ҳайкалимизни ясаб ўрганиш энг қизиқарли машғулотларимиздан бири эди. Мен яратган ҳайкал - Собир исмли курсдошимнинг сиймоси ҳозирги кунда Бухоро музейида турибди.
Мен ушбу асаримни 1958 йили Москвада бўлиб ўтган кўргазмага қўйдим: Санъат аҳли орасида асарларингни қачондан кўргазмага қўйган бўлсанг, шу пайтдан ижодинг бошланади, деган гап бор. Менинг ижодий фаолиятим ўша пайтдан бошланди, десам бўлади.
1959 йили Москвада Ўзбекистон кунлари декадаси бўлиб ўтди. Пушкин номидаги музейда бўлиб ўтган кўргазмада мен ўз ишларим билан қатнашдим. Ишонасизми, ўша пайтда мен Ўзбекистон рассомлар уюшмаси раиси Ўрол Тансиқбоев ва рассом Чингиз Ахмаровлар билан танишишга муяссар бўлдим. Улар менинг ишларимга юқори баҳо беришди. Шундан сўнг уларнинг маслаҳати ва ёрдами билан В. И. Суриков номидаги Москва Давлат бадиий институтининг ҳайкалтарошлик факультетига кириш имтиҳонларидан ўтиб, ўқишга кирдим. Ўқишга киришимга шунчалик ишонмагандимки, натижаларни кўриб, ҳушимдан кетиб қолганман.
Ахир Ўрта Осиёдан фақат мен имтиҳонлардан ўтган ва биринчи ўзбек олий маълумотли ҳайкалтароши бўлиш учун илк қадамимни ташлаган эдим-да. Шундай қилиб, институтда 6 йил ўқидим ва таниқли ҳайкалтарош, академик М.Г.Манизирдан сабоқ олдим.
Алишер Навоий сиймоси.
Ижодимда Алишер Навоий сиймосини яратиш энг асосий ўрин тутади. Энг аввало, бу сиймони яратишга мен 1962 йилда қўл урдим. Самарқанд Давлат университети ректори, академик Воҳид Абдуллаев ташаббуси билан мен биринчи бор мармардан Алишер Навоий сиймосини яратдим. Ҳозирда ушбу ҳайкалим Самарқанд Давлат университетининг файесида қад кўтариб турибди.
1967 йили Алишер Навоий музейи директори, академик Ҳамид Сулаймонов ташаббуси билан менга XIV аср таниқли миниатюрачиси Маҳмуд Музаҳҳибнинг асарини кўрсатишди. Бу асарда Алишер Навоий сиймоси тасвирланган эди. Ахмат ака мана шу асарни яратиб беринг дейишди. Мен шоирнинг ҳайкалини мармардан ясади. Бу ҳайкал ҳозирда Тошкентдаги Алишер Навоий музейида сақланиб келади. Ҳамид Сулаймонов асаримни кўриб,” Ахмат ака Алишер Навоий сиймосини яратса бўлар экану”, дея юқори баҳо берган эканлар. Ушбу ҳайкалнинг бронзадан ясалгани Москвадаги кўргазмада “Кумуш медаль” билан тақдирланган эди.. Ҳозирда ушбу ҳайкал Самарқанддаги Алишер Навоий музейида сақланади.
1985 йил Алишер Навоий музейи директори, академик Пўлат Қаюмов ташаббуси билан музей учун катта ҳажмдаги Алишер Навоий сиймосини яратдим. Ўшандан буён ҳозирги давргача яна 20 дан кўпроқ буюк мутафаккир портретларини ясадим.
Менинг авваллари Москвада, кейин Тошкентда ижодхонам бўлган. Самарқандда эса 2 та устахонам бор эди. Ҳар бир асарни юракдан ишлаб халққа кўрсатишим керак ва буни ўзимга шиор қилиб олгандим.
Битта ҳайкални яратишда яратилаётган шахснинг ким бўлганлиги, нима ишлар билан шуғулланганини ўрганиш муҳим. Ижодкор ойна каби бўлиши зарур. Халқнинг акси асарларда намоён бўлиши лозим. Бугунги фермерлар, тадбиркорларни ҳам сиймоларини акс эттириш мумкин. Хирургнинг ҳайкалини яратиш учун операцияга кирганман. Унинг ўша ҳолатдаги юз акси ишининг қанчалик масъулиятли ва шарафли эканини кўрсатиши лозим эди. Ижодкор, энг аввало, ўзи туғилиб ўсган юрти ва одамларини, қолаверса, уларнинг оддий кунларда, кўчада, бозорда, оиладаги яшаш тарзини тасвирлаши керак. Асар яратиш учун ижодкорга катта юрак керак. У ўз ишига қалб қўрини, вужудини бағишласа, шундагина асар янада кучли ва таъсирли чиқади.
Журналист Гавҳар Саодатова ёзиб олган.
Расмий телеграм каналимизга уланинг: https://t.me/IkuoHirayamaCaravanSerai