Бугун Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи директори Фаррух Усмонов Тошкент шаҳри, Олмазор туманида ўзи ўқиган 191-ўрта мактабга ташриф буюрди ва мактаб кутубхонасига 30 га яқин китоб, журналларни совға тариқасида топширди.
Ф.Усмонов мактаб мутасаддилари билан ўзаро суҳбатда ўз ҳаёт йўлида нимаики ютуқларни қўлга киритган бўлса, болаликдан китобга қўйган меҳри туфайли эришганини, китоб мутолааси бугунги ёшларимизнинг кундалик вазифасига айланиши фақат фойда келтиришини айтиб ўтди. Ўзи томонидан совға қилинган китоб, журналлар мактаб ўқувчилари томонидан севиб ўқилишига ишонч билдирди. — Мамлакатимизда Президентимиз томонидан келажагимиз эгалари бўлмиш ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар глобаллашув даврида турли ёт иллатларга қарши мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантиришга мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, шу боис фаровон келажагимиз йўлида амалга оширилаётган шундай хайрли ишларда фаол бўлишимиз фуқаролик бурчимиздир,— деди Ф.Усмонов ва мактаб фаолиятига ривож тилади.