2017 йилнинг 25 июль куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган ёш рассом Малика Жўраеванинг “Дил туғёни” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада ёш рассомнинг литография, офорт ва линогравюра усулида ишланган 45та асари намойиш қилинмоқда.
Малика Жўраева – 1997 йил 24 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 11 ёшидан расм чизишни бошлаган қизининг иқтидорини кўрган отаси рассом Наримон Шарипов унга алоҳида эътибор бера бошлади.
2009 йилда Маликани отаси таниқли рассом А. Мамажоновга шогирдликка беради. Дастлаб у санъатнинг энг ноёб турларидан – офорт билан шуғуллана бошлайди. Мактаб давридаёқ Малика турли танлов ва кўргазмаларда иштирок этди. Жумладан “Янги авлод”, “Келажак овози”, “Тошкент қувончлари – IV Халқаро болалар расмлари биенналеси”даги иштирокларида совринли ўрин ва дипломлар билан тақдирланган.
2013–2016 йилларда М. Жўраева Республика рассомлик коллежида устози “Маҳобатли рангтасвир”дан рассом И. Шиндан сабоқ олди. Унинг ижоди мана шу йилларда янада қизғин тус олди. Ўзининг илк шахсий кўргазмасини 2014 йил Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида санъат ихлосмандларига тақдим этди. 16 ёшлик қизнинг ишонч ва дадил босган қадами барчанинг олқишига сазовор бўлди. Коллежда ўқиб юрган кезларида ҳам турли халқаро ва республика миқёсидаги танлов-кўргазмаларда иштирок этди. Жумладан, “Армиямиз – таянчимиз”, “Менинг армиям – менинг фахрим”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” ва “Алишер Навоий” таваллуд кунлари муносабати билан ўтказилган кўргазмаларда, “Энг улуғ ва энг азиз” танлови, 2014 – 2015 йилларда Япониянинг “Global Artist Movement”, “Henry Moore: The Printmaker” кўргазмалари иштирокчиси.
М. Жўраева 2016 йили ўтказилган “Тасвирий ва амалий санъати” фестивалида Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Олтин медали”и билан тақдирланди.
2015 йилда ёш рассом Қозоғистонда ўтказилган “Art - Самғай” танлов ва кўргазмасида 2-ўринни олди ва ўқишга кириш учун имтиёзли йўлланмани қўлга киритди ҳамда 2016 йилда К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига грант асосида ўқишга қабул қилинди.
Институтда унга устозлари тасвирий санъатдан Лайло Башарова, композициядан Хуршид Зиёхонов ва Нусрат Абдуллаевлар сабоқ беришмоқда. Малика “Миниатюра ва китоб графикаси” бўлимида ўқиётганлиги боис, турли хил китобларга иллюстрациялар ишлай бошлади. Жумладан, “Алдар кўса” ва Анатолий Кабуловнинг “Кучукча ва етти ўрдакча” номли эртакларига ишлаган ишлари унинг бу санъат туридаги биринчиси саналади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ёшларимизга уларнинг ўқиши ва ижод қилиши учун давлатимиз томонидан катта имкониятлар яратилган. М. Жўраева мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишга ҳаракат қилмоқда.
Кўргазма шу йилнинг 3 августигача давом этади.
Гавхар Саодатова