2017 йилнинг 6 апрель куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 4 – босқич талабаларининг “Орзулар қанотида” номли кўргазмаси бўлиб ўтди.
К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари устозлари ёрдамида санъатнинг энг ноёб турлари билан шуғулланиб келишади. Масалан, линогравюра, офорт, литография кабилар графиканинг усулларидан бўлиб, ушбу усулларда ижод қилаётган рассомлар республикамизда унчалик кўпчилик эмас.
Бу санъатнинг мураккаб эканлигига қарамасдан, рассом Наримон Шарипов мана шу санъатнинг устаси саналади ва талабаларга ўргатиб келади. Унинг асарлари республикамиз ва хорижлик меҳмонлар тарафидан катта баҳоланиб келмоқда.
Санъатнинг ушбу турлари йўқолиб кетмаслиги ва уни авлоддан – авлодга борича, жоиз бўлса, уни тўлдирган ҳолда етказиб беришни рассом Наримон Шарипов ҳам қарз, ҳам фарз деб билади.
Линогравюра - линолеум ва гравюра – линолеумга бўрттириб ишланган гравюра бўлиб, ксилография усулига ўхшаган бўлади. Бу усул 20 – асрнинг бошларида юзага келган. Бадиий ифоданинг аниқлиги, тасвир бажарилаётган материалнинг юмшоқлиги туфайли оқ ва қора рангнинг кескин контрастлигига, чизиқларнинг аниқ ва ифодалилига эришилиши, тезкор ишланиш имконияти, катта ҳажмдаги қоғозлардан фойдаланиш мумкинлиги, тиражининг кўплиги каби бадиий хусусиятлари билан босма графикада кенг ўрин эгаллади.
“Орзулар қанотида” номли кўргазмада К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Дастгоҳ ва китоб графикаси” факультети 9 нафар талабаларининг ижодий ишлари намойиш қилинмоқда. Кўргазмага талабаларнинг 80га яқин ишлари қўйилди. Бу ишлар графиканинг офорт, литография, линогравюра, пастел, шинкале каби усулларида ишланганлиги билан аҳамиятли.
Талабалар устози Наримон Шарипов ёрдамида мана шундай ноёб санъат турида ижод қилишган. Намойиш қилинаётган ишларнинг кўпи профессионал даражада бўлмаса-да, талабаларнинг ижод маҳсулидир.
Кўргазма қатнашчиларидан Юсупова Мадинанинг тошларда ишлаган “Мусиқа”, “Баҳорнинг уйғониши” каби ишлари замонавий санъат билан графиканинг уйғунлашуви дейиш мумкин.
Фармонов Юнус ишлаган этюдлар, “Эски шаҳар” номли ижодий ишлари эса атроф – муҳитга ижодкорнинг муносабатидан дарак беради. Қосимова Шаҳноза “Фарғоналик келин” ҳикояси ва “Малика” эртагига ишлаган иллюстрациялари фақатгина томошабин эътиборини тортиб қолмасдан, балки, уни воқеликни англашга ҳам даъват қилади.
Исоқова Дилафрўзнинг А. Навоий ғазалларига ишлаган иллюстрациялари, Рўзиева Камоланинг эса “Бобур рубоийлари” га ишланган ижодий ишлари ёшларнинг адабиётга қизиқиши ва улар ижодига ҳурмат белгисидир. Шунингдек, талабалардан Умарова Динара, Назирова Зулфия, Ўткирова Севара, Маметова Раъноларнинг турли усулдаги ишлари санъатнинг ноёб турларида ишланганлиги билан аҳамиятлидир.
Кўргазмада иштирок этаётган 9 нафар талабаларнинг кўпчилиги республика ва халқаро танловларда қатнашган ва яхши натижаларга эришган. Шу билан бирга институтда ташкил қилинадиган кўргазма ва танловларда ҳам мунтазам иштирок этиб келишади.
Кўргазма шу йилнинг 15 апрелигача давом этади.