2017 йилнинг 3 март куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Бадиий Академияси ташкил топганлигининг 20 йиллиги ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Аҳмад Шоймуродовнинг 81 ёшлик таваллуд куни муносабати билан “Асрга татигулик умр” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада хайкалтарошни 50дан ортиқ ижодий ишлари намойиш қилинди.
Ҳайкалтарошлик 5 - 7 минг йилликларда пайдо бўлган. 8-асрларда араб босқинидан сўнг мусулмон шарқида ҳайкалтарошликнинг деярли ҳамма турлари тўхтатилган эди. 19-аср охирларидан эса шу соҳада ижод қилишга интилиш пайдо бўла бошлади. 1886 йили Тошкентда бўлиб ўтган кўргазмада уста Тўхта Содиқ Хўжаев алебастрдан ясаган от ва кийик ҳайкалчасини намойиш этганлиги маълум.
XX асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳайкалтарошлик санъати ҳам аниқ бир қиёфани ўзида жамлади. Бу борада самарали ижод қилган ҳайкалтарошларимиздан Ҳ. Ҳусниддинхўжаев, Яков Шапиро, А. Бойматов, Э. Алиев, Ж. Қуттимуродов, А. Аҳмедов, И. Жабборов, Р. Миртожиев, Д. Рўзибоев, А. Шоймуродов, А. Раҳматуллаев каби кўплаб ҳайкалтарошлик санъати усталарини мисол келтириш мумкин. Атроф-муҳитнинг бойлиги халқ ёки миллатнинг маънавий қиёфасининг ўзига хос гавдаланишида монументал ҳайкаллар алоҳида ўрин туради.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Санъат арбоби, таниқли ҳайкалтарош Аҳмад Шоймуродов - 1936 йилнинг 25 мартида Самарқанд шаҳрида туғилиб вояга етди. Қийинчиликларга бой ўтган болалиги кичик Аҳмадни иродали бўлиб ўсишига ёрдам берди. Тирикчиликни ўтказиш учун ишни сангтарошликдан бошлади.
1954 йил уста Болта Жўраев Аҳмадни ўзи билан Тошкентга олиб кетди. Аҳмад Шоймуродов ўқишга бўлган кучли иштиёқи ва иқтидори туфайли Москва бадиий саноат билим юртига тавсия этилди ҳамда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилинди. У ўқиш даврида барча билимларни қунт билан ўрганишга, эгаллашга интилди.
А. Шоймуродовнинг биринчи ҳайкалтарош сифатидаги иши 1962 йили мармардан ишланган Алишер Навоий ҳайкали эди. У Самарқанд университетида ҳали ҳам турибди. Ўз халқини жон дилидан яхши кўрган инсон илк ишини бу мўътабар зотга бағишлагани бежиз эмас. Институтни 1965 йили битиргач, ҳайкалтарош ижод уммонига шўнғиб кетди. А. Шоймуродов ижодида буюк мутафаккиримиз сиймоси акс этган асарлар сони 20дан ортиқ.
А. Шоймуродов 1966 йилдан бошлаб Архитектура ва қурилиш институтида 10 йил дарс берган. Бу институтни ташкил қилиш, уни ривожлантиришда катта ҳисса қўшган инсонлардан бири.
А. Шоймуродов – 1967 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 1975 йили ҳайкалтарошлар ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонини олди.
А. Шоймуродовўз ишининг устаси, жуда кўп асарлар яратишга муваффақ бўлган ижодкордир. Самарқанд музейидаги Спитамен, раққоса Қизлархон Дўстмуҳаммедова; улуғ алломаларимиздан Улуғбек обсерваториясидаги Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино; халқ бахшиларидан Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, япон рассоми Чехиро Окубонинг портрет ҳайкаллари, шунингдек, “Жарроҳ”, “Мутафаккир”, "Илҳом париси" каби бир қатор ҳайкалтарошлик композициялари шулар жумласидандир. Айниқса, Аҳмад Шоймуродовнинг Тошкент метрополитенининг "Алишер Навоий" бекати деворларидаги рангли кошинкор безаклар билан ишланган асарлари таҳсинга сазовор. Бу иш устида Аҳмад ака рассом Чингиз Ахмаров билан 4 йил давомида ишлаган.
“Асрга татигулик умр” кўргазмаси ҳайкалтарош ижодининг 61 йиллик сарҳисобидир.
Кўргазма шу йилнинг 15 мартигача давом этади.
www.art-academy.uz
www.caravanserai.uz