2017 йилнинг 2 февраль куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида 2016 йилнинг сентябрь ойида ташкил этилган япон сумиэ санъати гуруҳининг ҳисобот кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 26 январда Япония давлати билан дипломатик алоқаларни ўрнатган эди. Иккала мамлакат ўртасида 25 йилдан бери давом этиб келаётган мана шундай дўстлик ва тинчлик алоқалари халқларни янада яқинлаштирди.
Кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад – Япония маданияти ва санъатини халқимизга янада яқинроқ таништириш, жаҳон тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш, қолаверса, санъатнинг янги қирраларини очишдир.
Гаяне Матевосян сумиэ гуруҳини Ўзбекистон Бадиий Академияси Халқаро маданият карвон саройида 2016 йилдан бери бошқариб келади. Турли соҳа вакиллари ва ҳар хил ёшдаги гуруҳ аъзолари сумиэ санъатини қизиқиш билан ўрганиб келмоқда.
Гаянэ Матевосян сумиэ билан 3 йилдан бери шуғулланиб келади. 2008 йилдан бошлаб ўзбек – япон марказида хаттотликни ўрганган. Хаттотлик бўйича таниқли япон хаттот Мичико Хамасакидан сабоқ олган. 2009 йилдан Ўзбек – япон инсон ресурсларини ривожлантириш марказида япон хаттотлиги бўйича дарс бериб келади.
Сумиэ рассомлик санъати Хитойда Сун сулоласи даврида пайдо бўлган. XIV асрда Японияга кириб келган. Бу санъат турини номидан ҳам англаш мумкин: суми – тушь, э - тасвир деган маънони билдиради. Бу санъат турини Японияда аввало аристрократлар ва самурайлар ўрганишган. Қадимги шарқни майин ички ҳис билан сезиб, ёқимли ҳиссиёт мавзуси – мўйқаламнинг енгил рақси, медитатив ҳолат... Ҳаттотлик, икебана, шеър тузилиши – ҳаммаси биргаликдаги санъат боғи.
Сумиэ – бу кўп ранглилиги билан бошқа санъат турларидан ажралиб туради ва у акварелга ўхшайди, асосан қора ранг ва сувга аралаштирилган чексиз кўк ранглар мажмуи. Бунда асосан техника ва файласуфларча маъно жуда муҳим. Шунингдек, бу рассомлик санъатида спонтанликнинг бажарилиши, мўйқалам орқали бўёқ берилгандан кейин буни олиб ташлаш ёки тўғрилашнинг иложи йўқ..
Бамбук – сумиэ санъатида асосий мавзу бўлиб, бунда турли хил чизиқлар ва рангларнинг нозик турлари муҳим.
Сумиэ да мўйқаламнинг оддий ҳаракати ва рассомлик услуби табиат ҳолатини акс эттиради. Идеал қоғоз Японияда бу “гуручли” яъни японча газенсбидир. Бундай қоғозлар хитой маҳсулотига ўхшайди ва бадиий салонларда сотилади. Қоғоз жуда енгил ва умуман ёпишмайди. Бир тарафи текис, бошқа тарафи эса ғадир-будур.
Сумиэ билан ҳозирда фақат Японияда эмас, балки бутун дунёда шуғулланишади.
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ўтказилган кўргазмада 50 дан ортиқ сумиэ услубида ишланган расмлар намойиш қилинди. Уларнинг мавзулари ранг–баранг, асосан дарахтнинг новдалари, барглар, капалакларни сумиэ орқали нозик тарзда тасвирланган.
Гаяне Матевосян бошчилик қилиб келаётган гуруҳ аъзолари ҳозирда 14 нафарни ташкил қилади. Жумладан, Раҳимова Нора, Ким Ирина, Солиҳова Асалия, Усмонова Шаҳло, Бондаренко Анна, Ким Анна, Мирсалимова Зиёда, Сотиболдиева Римма, Вирнова Ксения, Зейдлаева Василя, Ким Натали, Мусабекова Жаннат, Мусина Наталья, Солиҳова Шаҳзодалар сумиэ санъатини ўрганиб бориб, энг сара ишларини кўргазмага тақдим қилишди.
Кўргазма шу йилнинг 28 февралигача давом этади.