2016 йилнинг 2 май куни соат 15:00да Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Бадиий Академияси Республика Ихтисослаштирилган санъат мактаб–интернати 1-4 синф ўқувчиларининг “Кўзмунчоқ” расмлар танлови ва кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Бадиий Академияси тасарруфидаги Республика Ихтисослаштирилган санъат мактаб–интернатининг ташкил топганига 80 йилдан ошди. Шаклланиш даврида “20-сон болалар уйи” ҳисобланган ушбу ўқув маскани кейинчалик “Иқтидорли болалар уйи” га айлантирилди.
Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб Республика Махсус мусиқа ва рассомлик мактаб–интернати бўлиб фаолият юрита бошлади.
1997 йилда Ўзбекистон Бадиий Академияси ташкил топгач, мактаб унинг тасарруфига ўтказилди.
Республика Ихтисослаштирилган санъат мактаб–интернатида кўплаб санъат ва маданият арбоблари таҳсил олган. Улардан, Ўзбекистон Халқ артистлари Галия Измайлова, Гулнора Мавеева, Ўзбекистон Халқ рассомлари Рўзи Чориев, Анатолий Жибоедовлар мактабнинг фахридир.
Республика Ихтисослаштирилган санъат мактаб–интернатига ўқувчилар ҳар йили танлов асосида қабул қилинади. Боланинг иқтидори, қизиқиши унинг ёшлигидан билинади. Шу боис ундаги истеъдодни ривожлантириш, унга тўғри йўналиш беришда устозларнинг ҳиссаси катта. Бошланғич синфлар услубчиси Саодат Мўминова 1 – 4 синф ўқувчиларининг ишларини кузатиб, бу йил тўртинчи бор Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида кўргазма ташкил қилди. Танлов – кўргазмага 200га яқин ишлар йўналишда қўйилди: графика, сув бўёқ, линогравюра, аппликация, ғиждувон услубида ишланган нақшли керамик лаган ва кўзачалар. Жажжи қалб эгаларининг беғубор, пок муҳаббати бўёқлар орқали қоғозларга жо бўлган. Буни кўрган катталарнинг уларнинг дунёсиниқадрлаш ва иқтидорини янада ривожлантириш масъулиятини ҳис қилишга чорлайди.
Танлов – кўргазмада мактаб – интернатнинг бошланғич синф ўқтувчилари иштирок этмоқда. Ўқувчилардан Воҳиджонова Матлуба, Хегай Полина, Муртазаев Оскар, Қодирова Рухшона, Ҳусанова Маржона, Ёрқинов Темурмалик, Тўраев Аббос, Юмаева Элеонора, Хожатаева Сарвиноз ва Абдувоҳидова Лазизаларнинг чизган расмлари эътиборни ўзига жалб этади.
Устозлари Л. Одилова, С. Маҳкамова, Т. Гончарова, Н. Раҳимова, С. Жаляева, Н. Ҳошимова, Х. Қаххорова, Г. Қўзиева, С. Мўминова кабиларнинг меҳнати натижасини кўриш мумкин.
Танлов–кўргазмада энг яхши ижодий ишлар учун Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи дипломи ҳамда сертификатлари, мактаб–интернат томонидан Фахрий Ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғолиблар: Исроилова Розиябону “Ёш иқтидорли рассом” номинацияси бўйича тақдирланди.
Нормуҳамедов Абдулатиф “Сара иш” номинацияси бўйича тақдирланди.
Носирхонова Мадина “Миллийлик йўналишидаги сара иш” номинацияси бўйича тақдирланди.
Фахрий ёрлиқлар соҳиблари: Тоиржонова Жасмина, Джемилев Сеяр, Тоирова Робия, Меликян Давид, Абдувалиева Фотима, Абдураҳмонов Фазлиддин.
Гавхар Саодатова