Все новости
Тинчлик, ободлик ва фаровонлик нашидаси
22.03.2016
Тинчлик, ободлик ва фаровонлик нашидаси
имя


комментарий


Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди

Наврўз – халқимизнинг азалий қадриятлари, эзгу орзу-интилишларини мужассам этган, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган қадимий байрам. Мустақиллик унга ёшлик, янги ҳаёт бағишлади. Истиқлол йилларида Наврўз мазмунан бойиди, мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган умумхалқ байрамига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизнинг барча ҳудудларида бу айёмга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрилди. Халқимиз бу кунни янги муваффақиятлар билан кутиб олмоқда. Шундай фаровон кунларга, байрамларга етганига шукроналар айтиб, хурсандчилик қилмоқда.

21 март. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи байрамона безатилган.

Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг вакиллари, ёшлар ташриф буюрган.

Соат 10:30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келади.

Байрам тантанасига йиғилганлар давлатимиз раҳбарини қарсаклар билан кутиб олади.

Чорлов мусиқаси янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади.

Президентимиз халқимизни Наврўз байрами билан муборакбод этади.

Мусаффо осмонимиз узра қуёш чарақлайди. Муаззам майдон атрофидаги улкан ҳаво шарлари майин тебранади. Турфа ранглардаги байроқчалар, анвойи гуллар кўзни қувонтиради.

Саҳна теграсидаги дарахтлар, майсазорлар юртимизнинг баракали боғу далаларини эслатади. Оҳиста айланаётган чархпалак ободлик ва фаровонлик белгиси – обиҳаёт олиб келади. Ҳар бир юртдошимизга таниш, кўнгилга яқин бундай файзли манзара қалбларга кўтаринкилик бағишлайди.

Майдон узра карнай-сурнай садолари янграб, байрам бошланганидан дарак беради. Шундай фараҳбахш дамларда она табиатда рўй бераётган яшариш, янгиланишларни қалбидан ўтказаётган юртдошларимиз кўнглида шодлик, яна бир Наврўзга эсон-омон етганимиз, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун шукроналик туйғулари жўш уради.

20.jpg

Наврўз янгиликларни, яхшиликларни бошлаб келади. 2015 йилги Наврўздан бир неча кун ўтиб, 29 мартда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлди. Демократия принципларига тўла мос равишда ўтган ушбу тадбирда сайловчиларнинг 90,39 фоизи Ислом Каримовга овоз берди. Бу Ислом Каримовнинг мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳаёт сифатини юксалтириш борасидаги беқиёс хизматларини халқимиз муносиб баҳолаши, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришни қўллаб-қувватлашининг далолати бўлди.

“Келди баҳор...”. Кўнгилларга кўклам сурурини бахш этган сеҳрли оҳанг оғушида юртимизнинг гўзал табиати, бетакрор қадимий обидаларию замонавий иншоотлари, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўрку таровати кўз ўнгимизда гавдаланади.

Мумтоз наволар халқ қўшиқларига уланади. Чанқовуз, сибизға куйлари янграб, саҳнага фольклор-этнографик ансамбллар кириб келади. Наврўз сайли намойиш этилади. Дошқозонларда сумалак тайёрланади, тандирдан иссиқ нонлар узилади, йигит-қизлар қўшиқ айтиб, рақсга тушади.

Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик олий қадрият даражасига кўтарилган. Жамиятимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳити қарор топган.

Тинчлик ва барқарорлик сабаб мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори тобора ошиб бормоқда. Энг ривожланган давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар Ўзбекистон билан ҳамкорликка интилмоқда.

2015 йил июнь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун расмий ташриф билан мамлакатимизга келгани бунинг яна бир тасдиғи бўлди.

Ўзбекистоннинг минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, илм-фан, маданият ва санъатни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари БМТ томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимиз ушбу ташкилот ва унинг қатор тузилмалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали 2015 йили ўнинчи бор ўтказилди. ЮНЕСКО шафелигида ўтказиб келинаётган ушбу мусиқий анжуман халқлар ўртасидаги маданий мулоқотни ривожлантириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз қатъий равишда тинчликпарвар сиёсат юритиб келмоқда.

...Майдон атрофида оппоқ лайлаклар қўним топган. Бу мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни, файзу баракани ифодалайди.

88.JPG

Тинчлик – тараққиётнинг асосий омили. Тинчлик-осойишталик бўлган жойда ривожланиш бўлади, одамлар бунёдкорлик, яхшилик истаги билан яшайди. Буни мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатлари давом этаётганида яққол кўриш мумкин.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд ўсди. Глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида мамлакатимиз жаҳондаги камдан-кам давлатлар қаторида барқарор ривожланмоқда. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари кейинги ўн бир йилда 8 фоиздан юқори бўлиб келмоқда. Макроиқтисодий кўрсаткичлар мутаносиблиги, давлат бюджети ва тўлов балансининг барқарор равишда профицит билан бажарилиши, экспорт ва олтин-валюта захираларининг ўсиши таъминланмоқда.

Бу Президентимиз томонидан асос солинган, халқимиз кенг қўллаб-қувватлаган ва бутун жаҳон эътироф этаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” самараларидир. Халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига қўлга киритилаётган бундай ютуқ ва марраларни бутун дунё тан олмоқда. Халқаро эксперт ташкилотлари, нуфузли рейтинг компаниялари мамлакатимиз ривожининг бугунги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳоламоқда.

Ўтган йили Швейцарияда Жаҳон иқтисодий форуми – “World Economic Forum” иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Жаҳон банкининг “Глобал иқтисодий тараққиёт” прогнози асосида тайёрланган мазкур маълумотда Ўзбекистон 2014-2017 йилларда йиллик ўсиш даражаси юқори бўладиган давлатлар орасида 5-ўринни эгаллади.

Мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш изчил давом эттирилмоқда. 2015 йилда ана шу мақсадларга барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 15 миллиард 800 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилди. Умумий қиймати 7 миллиард 400 миллион доллар бўлган 158 йирик ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.

Жанубий кореялик инвестор ва мутахассислар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилгани, Самарқанд – Қарши темир йўл участкасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электр поезди қатнови йўлга қўйилгани халқимизга мамнуният бағишлади.

Барча соҳалардаги тараққиёт мамлакатимиздаги ободликда ҳам намоёндир. Шаҳару қишлоқларимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ўтган йили пойтахтимизда ўнлаб кўп қаватли замонавий уйлар, йўл ва кўприклар қурилди. Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида 12 мингта уй-жой, қарийб 170 инфратузилма объекти барпо этилди. Бундай ишлар самарасида шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб, одамларнинг ҳаёт сифати юксалиб бормоқда.

51.JPG

Ёшларни қўллаб-қувватлашга оид дастурларга мувофиқ, ёш оилаларга топширилаётган “Камолот” уйлари уларнинг оёққа туриб олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва фарзандларини баркамол этиб тарбиялаши учун катта мадад бўлмоқда.

Наврўз кунларида халқимизга хос меҳру оқибат, хайру саховат янада яққол намоён бўлади. Эл-улус очиқ юз билан бир-биридан хабар олади, беморлардан ҳол-аҳвол сўрайди. Ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатилади.

Президентимиз ташаббуси билан 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилиниши ёши улуғ инсонларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, муҳтарам фахрийларнинг кўнглини кўтариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш йўлида олиб борилаётган ишлар самарасини янада оширди.

Кексаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида пенсия миқдори 20 фоиздан зиёд кўпайтирилди. 100 ёшга етган ва ундан ошган нуронийларнинг пенсиясига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаб бориш тизими жорий этилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганлар санаторий-курортларда бепул даволанди.

...Саҳнага болакайлар кириб келади. Майдон шўх-шодон кулгуга тўлади. Уларнинг абжир ҳаракатлари, хушчақчақ куй-қўшиқлари барчага завқ-шавқ улашади.

Булар – мустақиллик йилларида туғилган, давлатимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги оғушида ўсаётган соғлом болалар. Биздан кўра кучли, билимли, доно ва бахтли бўлиб улғаяётган авлод.

Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан соғлом авлодни тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди ва бу эзгу иш изчил давом эттирилмоқда. Оналарнинг соғлом бўлиши, болаларнинг соғлом туғилиши ва ўсиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Аҳоли ҳаёт сифатини юксалтириш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби йўналишлардаги ислоҳотлар моҳиятан ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етаётгани халқаро танлов ва мусобақаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Биргина ўтган йили спортчиларимиз 165 халқаро мусобақада иштирок этиб, 983 медални қўлга киритди. Ёш мусиқачи ва ижрочиларимиз нуфузли халқаро танловларда 137 совринли ўринни эгаллади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2016 йил мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилингани бу соҳага эътиборнинг яна бир ёрқин далили бўлди.

...Майдонда жаҳон мусиқалари янграйди. Классик опера ва балетлар, турли тиллардаги қўшиқлар байрам қатнашчилари, чет эллик меҳмонларга завқ бағишлайди.

– Наврўз Ўзбекистонда зўр тантана билан нишонланади, – деди Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фумихико Като. – Миллий анъаналарингиз халқ, айниқса, ёшлар томонидан фахру ифтихор билан қабул қилиниши эътиборга молик. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик дўстлик ва ўзаро ишонч руҳида, икки томонлама манфаатдорлик асосида барча соҳаларда изчил ривожланаётгани бизни ғоят қувонтиради. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Наврўз айёми билан чин дилдан муборакбод этаман!

76.JPG

...Наврўз томошалари кўтаринки руҳда давом этади. Мониторларда кураш, улоқ-кўпкари, арқон тортиш, тош кўтариш, дорбозлик каби завқли анъаналар намойиш этилади. Ўланчию лапарчилар деҳқончиликка барака тилаб, Наврўз, табиат ҳақида қўшиқлар айтади.

Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатлари ривожлантирилаётгани, фермерлик ҳаракатига кенг имкониятлар берилаётгани самарасида ҳар йили юксак ҳосилдорликка эришилмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ пахта, 14 миллион 500 минг тоннага яқин сабзавот ва полиз, 4 миллион 300 минг тонна боғдорчилик маҳсулотлари етиштирилди. Шу боис қишин-ёзин бозорларимиз фаровон, нарх-наво меъёрида.

Мамлакатимизда тайёр саноат, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, мева-сабзавот экспорти йилдан-йилга ошиб бормоқда.

– Наврўз – ажойиб байрам, – дейди Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг. – Бу байрам барчага қувонч улашади, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Биз ҳам бу шодиёнада иштирок этиб, турли касб эгалари, хорижлик меҳмонлар, ҳамкасбларимиз билан дийдор кўришамиз, байрам дастурини мириқиб томоша қиламиз. Байрам тантанасидаги кўтаринки руҳ, одамлар юз-кўзидаги қувонч ва шодлик мамлакатингиздаги тўкинлик, фаровонлик, тинч ва осуда ҳаёт ифодасидир.

Наврўз кунларида инсон ўзини табиат билан узвий боғланганини янада теранроқ ҳис этади. Она заминни ардоқлаб, бугунги тинч ҳаётнинг қадрига етиб яшаш кераклигини яхшироқ англайди.

Халқимиз азалдан тўю тантаналарга орасталик, бунёдкорлик билан тараддуд кўрган. Ота-боболаримиз Наврўзни покизалик, эзгу орзу-ниятлар билан кутиб олган. Чунки тозалик, саранжом-саришталик бор жойда қут-барака, сиҳат-саломатлик бўлади.

Бу йил ҳам баҳорнинг илк кунларидан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. 12-13 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтган умумхалқ хайрия ҳашарида маҳалла ва кўчалар тозаланди, хиёбону боғлар, корхона ва ташкилотлар атрофи ободонлаштирилди. Қадамжолар, қабристонлар тартибга келтирилиб, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари экилди. Кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинди, байрам совғалари улашилди.

Байрам арафасида янги уй-жойлар, корхоналар, тиббиёт ва ўқув муассасалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди. Бу иншоотлар Ватанимиз чиройига чирой қўшади, юртдошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилади.

– Наврўз тантаналарини томоша қилар эканман, Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланаётганига, одамларимизнинг турмуш даражаси ўсиб, дунёқараши ўзгариб бораётганига яна бир бор амин бўлдим, – дейди Наманган вилоятидан келган хусусий тадбиркор Ғани Умаров. – Бу ўзгаришлар мана шу тантаналар шукуҳида, юртдошларимизнинг қувончида ҳам яққол кўриниб турибди. Шундай дориломон кунларга етганимизга шукроналар айтамиз. Илоҳим, доимо юртимиз тинч, ҳаётимиз бундан-да обод, турмушимиз янада фаровон бўлсин.

...Байрам томошаси қизигандан қизийди. Эстрада хонандаларининг шўх-шодон қўшиқлари, жозибадор рақслар юракларни жўштиради.

Майдон атрофида ташкил этилган халқ ҳунармандлари кўргазмасида намойиш этилаётган маҳсулотлар халқимизнинг бой маданий мероси ва юксак санъатининг ифодаси сифатида кўнгилларда фахр-ифтихор уйғотади.

Наврўз байрамини ўнлаб мамлакатлар аҳолиси сунъий йўлдош воситасида телевидение орқали томоша қилди, интернет орқали кузатиб борди.

Майдон узра янграган куй-қўшиқлар олис-олисларга таралади, бу ердаги кўтаринки руҳ, байрамона кайфият бутун юртимизга ёйилади.

Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида Наврўз сайиллари, байрам шодиёналари давом этмоқда.

Нодира Манзурова, Анвар Самадов, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

21.03.2016 15:35

http://uza.uz/oz/society/tinchlik-obodlik-va-farovonlik-nashidasi-21-03-2016
Просмотров 775    Рейтинг 57   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото

фото