2015 йилнинг 18 август куни соат 15.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ёзувчи, санъатшунос ва фоторассом Нодир Норматовнинг “Меҳр қолур, муҳаббат қолур...” номли фотокўргазмаси ва муаллиф сценарийси асосида суратга олинган “Чингиз Аҳмаров” ҳужжатли фильми тақдимоти бўлиб ўтди.
Нодир Норматов –ёзувчи, санъатшунос, фоторассом. 1950 йил 24 декабрда Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Пошхурд қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультетини тугатган. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий Академияси Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 2010 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Муаллиф “Меҳр қолур, муҳаббат қолур...” номли фотокўргазмасини Ўзбекистон Халқ рассомлари Чингиз Аҳмаров (18 августда туғилган) ва Рўзи Чориев (28 августда туғилган)лар хотирасига ва қалби меҳру муҳаббатга тўла замондошларга бағишлайди.
Фотокўргазманинг бош мавзуси– юртимизнинг пиру бадавлат отахонларию онахонларидир. Муаллиф сўнгги ўн йил ичида республикамизнинг турли вилоятларида, жумладан, Нукус, Термиз, Наманган, Қарши, Шаҳрисабз, Андижон, Фарғона, Марғилон, Бахмал, Жиззах, Сирдарё, Бойсун каби шаҳарлари ва олис, чекка қишлоқларида бўлиб, жуда кўплаб фотосуратлар олган.
Улар орасида бадиий фотога мос қилиб олинган замондош қариялар ва онахонлар портретлари алоҳида диққатга сазовор. Биз айни пайтда бу фотогалереяларда уларнинг бунёдкорлиги, авлодлар давомийлигидаги муносабатлари, турли маросимлар ва тантаналарда иштироклари, дўстлар даврасидаги самимий мулоқотлари, она-юрт манзаралари билан муштарак ҳаётий лавҳаларидан воқиф бўламиз. Муаллиф нафақат пойтахтда, балки вилоятларда, энг чекка қишлоқларда ҳам яшаб турган кекса авлод вакилларининг ички дунёсига, маънавиятга бой оламига фотосуратлар орқали гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона нигоҳ ташлар экан, улардаги самимиятни, инсонга, ҳаётга муҳаббатларини зўр хайрихоҳлик билан улуғлайди.
Шу кунгача ижодкорнинг Тошкент шаҳри ва республикамизнинг кўплаб вилоятларида 30 га яқин фотокўргазмалари ташкил этилган. Жумладан, “Қишлоқ томон йўл” (2010 йил 21 декабрида, Тошкент Фотосуратлар Уйида), “Сурхон оҳанглари”( 2012 йил, 16 – 21 май кунлари Термизда), “Ватан сенсан, Ватан мен” (5 – 12 сентябрь кунлари, Нукусда), “Кўнгил кенгликларида” (Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида), “Водийларни яёв кезганда” (Жиззах шаҳри ва Бахмал туманида), “Ватан тимсоллари”( 10- 15 ноябрь, Гулистон шаҳри), 2013 йил 17 майда“Бу ижод бўстонида”, “Кўҳитангтоғ болалари” (Наманган шаҳри, 2014 йил), “Товка қўрғони” (Тошкент, Халқаро Маданият карвонсаройи, 2013), “Пошхурднинг олтин пойдеворлари” (Тошкент, Халқаро Маданият карвонсаройи, 2013 йил), “Оқ олма, қизил олма” (Фарғона, Қўқон, Андижон шаҳарларида, 2015 йил апрель-май) номли фотокўргазмалари юртдошларимиз томонидан яхши қарши олинди.
Нодир Норматов юзлаб ўзбек мусаввирлари ҳамда халқ усталари ижодини, жаҳон тасвирий санъат намояндаларини ўз мақола ва эсселарида тарғиб-ташвиқ этган. Юздан ортиқ илмий ва оммавий китобларга муҳаррирлик қилган. Санъат аҳлига бағишланган ўттизга яқин ҳужжатли фильмлар сценарийси ва матнлари муаллифи. 2011 йилда Корея ва Марказий Осиё республикалари халқаро танлови ҳайъати қарорига кўра, унингтўлиқ матнли бадиий фильм учун ёзган ”Муҳаббат кўзгуси” сценарийси ғолиб деб топилган. 1998 йилдан буён бадиий фотосанъати билан шуғулланади. 2007 йилда “Маҳалладан бошланар Ватан” танлов кўригида фахрли учинчи ўринни эгаллади. Кўплаб республика ва халқаро фотокўргазмалар қатнашчиси.
Нодир Норматов айни пайтда тасвирий ва амалий санъат арбоблари, халқ усталари тўғрисидаги яратилган йигирмадан ортиқ ҳужжатли фильмлар муаллифи ҳамдир. Унинг мустақиллик даврида яратилган«Омонхона мўъжизаси», “Беҳзод ворислари”, «Бешик» ,”Малик Набиев”,.”Лангар”, “Сурхон кулоллари”, “Уста Абдуғани”, “Бойсунлик Гоген”, “Сурхон бахшилари”, “Кўҳитанг тоғ муъжизаси”, “Сўзана”,”Аёллар номидаги меъморий обидалар”, “Ҳайкалтарош Азамат”,“Кубаро Бобоеванинг сопол эртаклари”, “Пошхурднинг олтин пойдеворлари”, “Кўнгил камалаги ёҳуд Рўзи Чориевни эслаб” (Бош маслаҳатчи сифатида), “Ғозғонлик тоштарошлар”, ”Бухоро сўзаналари”, ”Ҳайкалтарош”, “Шамсрўй” ҳужжатли фильмлари Нодир Норматовни сценарий муаллифи сифатида элга танитди.
Нодир Норматовнинг сценарийси асосида суратга олинган навбатдаги “Чингиз Аҳмаров” деб номланган ҳужжатли фильм Н.Пўлатова режиссёрлигида Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида суратга олинган. Ушбу фильм устоз санъаткорнинг ҳаёти ва ижодий йўли, унинг деворий ва маҳобатли суратлари, улкан мероси ҳақида қизиқарли далиллар ва ҳужжатлар асосида ҳикоя қилади. Фильмда рассомнинг ҳаёти даврида олинган кинокадрлардан маҳорат билан фойдаланилган.