Ўзбекистон Бадиий Академиясида муассаса раҳбарияти, таниқли маданият ва санъат намоёндалари, бошқарма бошлиқлари, тизим ва ташкилот раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўринбосари Баҳодир Ходиев, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими Давлатбек Муллажонов қатнашди.
Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси Акмал Нур ҳурматли меҳмонларни самимий қутлаб кун тартибига қўйилган бир масала: Ўзбекистон Бадиий Академияси раисининг тайинланган янги ўринбосарини коллективга таништириш муносабати билан йиғилганликларини билдириб, ташриф буюрганларга ўз миннатдорчилигини изхор этди.
Ўзининг кириш нутқида Баходир Ходиев юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотларнинг амалга оширилишида санъаткорлар олдига қўйилган вазифалар, ёш авлодни тарбиялаш ва таълим беришда таянадиган асосий тамойиллар ҳақида гапириб ўтди. Ижодкорнинг битта асари билан кўплаб одамларнинг онгига, маънавиятига тасир кўрсатиши мумкин деди. Шу ўринда рассомлар, амалий санъат намоёндалари, ҳайкалтарошлар ва санъатшунослар зиммасига масъулиятли вазифалар белгиланганини таъкидлаб, мавжуд камчилик ва муаммоларни биргаликда хал этишда тайёрлигини айтиб ўтди.
Б.Ходиев сўзининг охирида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг қарори билан Ўзбекистон Бадиий Академияси раисининг ўринбосари лавозимига Камолиддин Беҳзод номли Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Бадиий кулолчилик ва меъморий ёдгорликлар безагини таъмирлаш” кафедраси мудири Тошмухамедов Фарход Эминович тайинлангани ҳақида маълум қилди.
Янги раис ўринбосарининг таржимаи холи, унинг фаолияти билан Бадиий Академия бош илмий котиби А.Мадраимов йиғилганларга ахборот берди.
Сўнг Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси Акмал Нур Ф.Тошмухамедовни Бадиий Академия фаолияти билан атрофлича танишиб, унга ўз лавозимига тезроқ киришиб кетиши, жамоа билан яқиндан муносабатларини ўрнатиб олишига ишонч билдирди ва ишларига муваффақиятлар тилаб қолди.
Сўзга чиққан Камолиддин Беҳзод номли Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Ҳ.Аминов, Республика дизайн коллежи директори Ш.Муродов ва бошқалар Ф.Тошмуродовнинг янги лавозимида ишларига омад тилаб қолишди.
Ф.Тошмухамедов ўз навбатида унга билдирилган ишончни оқлаш учун барча имкониятларини ишга солишини ва Бадиий Академия обрўсини кўтаришда тинмай меҳнат қилишини айтиб ўтди.
Йиғилишда шунингдек, Академия фаолияти билан боғлиқ қатор масалалар устида фикр алмашилди.
04.08.2015
Источник:
http://art-academy.uz/узбекский-ўзбекистон-бадиий-академи/?lang=uz