Все новости
Пресс – релиз. “Шарқнинг нозик таровати” миллий зеб – зийнатлар кўргазмаси
20.02.2015
Пресс – релиз. “Шарқнинг нозик таровати” миллий зеб – зийнатлар кўргазмаси
имя


комментарий


2015 йилнинг 20 февраль куни соат 15.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Тикланиш” лойиҳаси муаллифи Фахриддин Абдужабборовнинг коллекциясидан “Шарқнинг нозик таровати” деб номланган кўргазманинг очилиши маросими бўлиб ўтди.

“Тикланиш” лойиҳасининг асосий мақсади – миллий қадриятларимизни асраб авайлаш, маданий меросимизни авлоддан – авлодга бекаму кўст етказиш, ёш авлодга анъана ва урф – одатларимизни сингдириб бориш, йўқолиб бораётган қадимги асори атиқаларни тиклаш кабилардир.

Халқимизда шундай мақол бор: дунёда бир аёл бўлса ҳам заргарга иш топилади, деган. Дарҳақиқат, шарқнинг ўтли таровати унинг зеб – зийнатлари билан ҳам машҳур бўлган. Момоларимиз кийган миллий кийимларимизда урф – одатлар, нафосат ва эстетик нормалар ўз аксини топган бўлса, зеб – зийнатлар эса уларни тўлдириб борган.

Археологик топилмалар шуни кўрсатадики, заргарлик жуда қадимдан ривожланиб келган. Қадимий Миср, Юнонистон, Эрон, Хитой заргарлари заргарлик буюмлари тайёрлашда маржон, нефрит, қаҳрабо ва бошқалардан кенг фойдаланган. Европада айниқса, роман ва готика даврида (12-15 асрлар) заргарлик санъати юксак поғонага кўтарилган.

Музейларимизда сақланаётган топилмалар Юнон – Бақтрия подшолиги, милоддан аввалги 3 – 2 асрларда, Қадимий Хоразмда асосан милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталаридан милоддан 8 – асргача заргарлик ривожланганлиги кўрсатади. 19 – аср охири 20 – аср бошида ўзига хос ишланиши, шакли, безаклари, хусусиятлари билан бир – биридан фарқ қилган, зеб - зийнат буюмлари тўпламлари вужудга келган.

Тиллақош – юпқа тилла ҳал юритилган кумуш пластинкадан ясалиб, феруза ва бошқа қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Айниқса, Бухоро, Тошкент ва Фарғона водийсида тиллақош тақиш расм бўлган.

Осмадўзи – қошга ўхшатиб ишланиб, пешонага тақилади, шокилалар, нодир тошлар билан зийнатланади. Буларни тақиш кўпроқ Хоразм воҳасида расм бўлган.

Баргак – бу ҳам пешонага боғланиб, ўртасида ноёб тошлар жойлаштирилган, унинг атрофи майда феруза тошлар, баъзан шокилалар билан безатилган. Асосий қисми – тўғри тўрт бурчак шаклидаги пластинкалари ошиқ – мошиқчалар билан бир – бирига маҳкамлаб қўйилган.Баргак кўпроқ Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона водийсида кенг тарқалган.

Зебигардон – бўйинга тақилиб, кўкракка тушириб қўйилади, ҳалқача, садаф, мунчоқ маржонлар бир – бирига бириктириб ясалишидан ҳосил бўлади, қуббалари қимматли тошлар билан безатилган.
Билакузук,дастпона – тилла, кумуш, мисдан, мунчоқ, маржон шодаларидан ҳам ясалиб, бодомча, япалоқ, илонбоши, бақабоши, росмана, кичик билакузук каби турлари мавжуд. Бухоро ва Самарқандда шабака, Хоразмда – залворли билакузук, Тошкент ва Фарғона водийсида – вазни енгил, ўйма нақшли қора кумуш суви юритилган билакузуклар кўпроқ учрайди. Бухорода шибирмак деб аталадиган хили ҳам бўлиб, кўзига ёқуттош, атрофига дурлар ўрнатилган, гултожибарг шаклида ишланиб, шокила ва баргаклари бўлади.
Исирға, зирак – аёллар ёқтирган бу зийнат буюмнинг кўзида ноёб тош ўрнатилиб, майда тошчалардан иборат шокилалари ҳам бўлади, қашқар – балдоқ, ойбалдоқ, ҳалқа кабилар ҳам қулоққа тақилиб, олтин ва кумушдан ишланади. Булар кўпроқ Фарғона водийсида учрайди.
Булоқи, холбинни – бурунга тақиладиган исирғалардир.

Илгари ўзбек қиз – жувонларининг зеб – зийнатлари жуда хилма хил бўлган.

Кўкракка – мурғак, нозигардон, бўйинга – тумор, маржон, бозбанд, бошга – олтин тумор, қўлтиқ остига – қўлтиқ тумор, белган – камарбанд, сочга – сочпопуклар, туф, зулфи тилло, осма безак, бутундирноқ, яримдирноқ кабилар тақиб юрилган.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, зеб – зийнатлар орқали уларнинг ижтимоий ўрни ҳамда мавқеи қай даражада эканлигини аниқласа бўлган.

Масалан, марварид ва ноёб тошлар билан безатилган зеб – зийнатлар асосан аслзодалар, хон ва амирлар саройи аъёнлари учун ишланган. Ўртаҳоллар учун кўпроқ кумуш суви юритилган, ранго – ранг тош ва шишачалар билан безатиладиган тақинчоқлар расм бўлган. Камбағаллар кумуш, мис, биринж ва шишалардан ишланган заргарлик буюмларини тақишган. Энг оммавий равишда тарқалган зийнатлар асосан кумушдан ясалган.

“Шарқнинг нозик таровати” кўргазмасида намойиш қилинаётган зеб - зийнатлар ўзбек аёлларининг нозик дидли, фаросатли, ибо ҳаёли эканлигини кўрсатиб беради. Асрлар оша ўз таровати ва ҳуснини йўқотмаган ушбу гўзаллик дунёси бутун жаҳонни забт этган.

Г. Саодатова
Просмотров 1564    Рейтинг 57   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото