2014 йилнинг 22 – 26 декабрь куни Ёшлар Ижод саройида “Тошкент қувончлари” V – Халқаро болалар расмлари Биенналеси бўлиб ўтади.
Ташкилотчилар: Ўзбекистон Бадиий Академияси, Ўзбекистон Спорт ва маданият ишлари вазирлиги, Ёшлар Ижод саройи, “Камолот” ЁИҲ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги.
Ўтказиладиган жой: Ёшлар Ижод саройи, 2- этаж
Очилиш вақти: 2014 йил 22 декабрь соат 15.00
Ёпилиш вақти: 2014 йил 26 декабрь соат 12.00
Мустақилликдан кейин Ўзбекистонни бутун дунё таниди. Тошкентда ҳар икки йилда ўтказилаётган Халқаро болалар расмлари Биенналеси бунинг яққол исботидир. 30 га яқин мамлакатлар болалари ижодини Тошкентга жамлаган V – Халқаро болалар расмлари Биенналеси дунё болалари дўстлигини янада жипслаштиради. Навбатдаги танлов юртимизда “Соғлом бола” йилида қарши олинмоқда.
Бола дунёси ўзгача, шу боис ҳам беғубор, оппоқ тилаклар билан чизилган расмларда она –табиат, болалик дунёси, қувонч ва табассум, оилага бўлган меҳр, чарақлаган қуёш, ажойиб манзаралар болаларнинг биз яшаб турган дунёни қандай кўриши, уларнинг муносабатини билдиради. Бугунги кунда қилинаётган барча ишлар фарзандларимизнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилмоқда. Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон – эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир.
“Тошкент қувончлари” V – Халқаро болалар расмлари Биенналесини ўтказишдан асосий мақсад - янги иқтидорларни излаб топиш, Ўзбекистон болаларини дунёдаги тенгдошлари ижоди билан яқиндан таништириш, уларнинг дўстлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, жаҳон тарихи ва маданиятига қизиқишини янада оширишдир
Танловга қабул қилинган 5 ёшдан 15 ёшгача ижодкор болаларнинг 3000 тадан ортиқ расмлари бугун Ёшлар Ижод саройини безаб турибди. Улардан 1000 га яқини ўзбекистонлик, 2000 га яқини эса чет мамлакатлар болаларининг юборилган ишларидир. Айтиб ўтиш жоизки, болалар ишлари 3 гуруҳга ажратилиб, баҳоланади:
- 5 ёшдан 7 ёшгача, 8 ёшдан 12 ёшгача ва 13 ёшдан 15 ёшгача.
Халқаро болалар расмлари Биенналесига қизиқиш йилдан – йилга ортиб бормоқда. 2012 йилги Биенналеда 2000 та иш қабул қилинган бўлса, ушбу рақам бу йил мингтага кўпайди. Иштирокчи давлатлар сони ҳам 30 тага етди. Булар орасида Қозоғистон, Хитой, Бельгия, Россия, Малайзия, Латвия, Ҳиндистон, Австрия, Египет, Сингапур, Изроил, Руминия, Франция каби мамлакатлар болаларининг ушбу танловга қизиқиши катта.
Албатта, 3 мингдан ортиқ ишларни баҳолаш осон эмас. Шу боис ҳам ҳайъат аъзолари республикамизнинг энг таниқли рассомларидан таркиб топган. Булар орасида Марат Содиқов, Анвар Мамажоновларни алоҳида тилга олиш мумкин. “Тошкент қувончлари” V – Халқаро болалар расмлари Биенналесидаги асосий номинациялар – “Болалик дунёси”, “Менинг Ватаним”, “Мен яшаётган дунё”, “Мен билган Ўзбекистон” кабилар.
Шиддат билан ўтиб бораётган “Соғлом бола йили” ҳам тарихга муҳрланмоқда.
Яна саноқли кунлардан кейин Янги йил кириб келади. Юртбошимиз томонидан 2015 йилни “Қарияларни эъзозлаш” йили деб эълон қилинди. Халқимизда бир нақл бор: “Қариси бор уйнинг - париси бор”. Катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга иззатда бўлиш ўзбек халқининг энг гўзал фазилатларидан бири.
“Жаҳон кенг, дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз яккаю ягона. Бу гўзал юрт, бу муқаддам замин фақат бизга аталган. Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизнинг дилимизга жо бўлиши, ҳаётимиз мазмунига айланишини истардим”. Президентимизнинг ушбу сўзларини ўқиб туриб, Ватанимиз ёшларининг бу гўзал юртимизни кўз қорачиғидек асраши, юртбошимиз ишонган баркамол инсон бўлиб етишишига ишонамиз.