2014 йил 12 август куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида фоторассом Назира Боймуродованинг “Элда қадр топганлар...” номли фотокўргазмаси ва ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Назира Боймуродова – 1981 йил 26 майда Жиззах вилояти, Пахтакор шаҳрида туғилган. Журналист, шоира, фоторассом Назира Боймуродова айни кунда “Маданият ва маърифат” телеканалида 1-тоифали муҳаррир лавозимида ишлайди.
Ёшлигидан адабиёт ва санъатни севган Назиранинг иқтидори 14 ёшидан бошлаб кўрина бошлади. Ҳали мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ вилоят ва республика нашрларида жамоатчи мухбир сифатида самарали фоалият олиб борди. Мақола, ҳикоя ва шеърлари «Жиззах овози», «Жиззах ҳақиқати», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Халқ сўзи», «Моҳият» «Оила ва жамият», «Маърифат», «Туркистон», «Маҳалла», «Ишонч», «Зарафшон» газеталарида «Ёшлик», «Автоҳамроҳ», «Ёш куч» журналларида эълон қилинган.
Назира Боймуродова серқирра ижод соҳиби бўлиб, унинг “Энди фақат кулиб яшайман” номли шеърий тўплами уни шоира сифатида танитган бўлса, кўплаб фотокўргазмалари эса маҳоратли фоторассом эканини ҳам намоён қилди. Унинг Тошкент шаҳри ва вилоятларда 10дан ортиқ фотокўргазмалари намойиш этилди. 2013 йилнинг 7 августида Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ижодкорнинг “Шу Ватанга бордир менинг керагим” шахсий фотокўргазмаси бўлиб ўтган эди. Бу йил эса ижодкорнинг “Элда қадр топганлар...” номли фотокўргазмаси айнан мана шу маданият марказида ўтказилмоқда.
Ёш авлоднинг қалбида Ватанни севиш, ардоқлаш, унинг равнақи учун ҳисса қўшиш каби фазилатларни сингдиришда эл севган ва таниган инсонларнинг ўрни алоҳида. Шу боис ҳам Назира бу галги фотокўргазмасида ўзининг меҳнати билан элда қадр топган турли соҳа вакилларининг фотосиймоларини яратди ва юртдошларимизга тақдим этди. Экспозицияда таниқли журналист, ёзувчи, шоирлардан тортиб, эндигина қадам қўяётган ёш ижодкорлар, юртимиз байроғини халқаро майдонларда баланд кўтариб келаётган спортчилар ҳамда актриса ва режиссёрларнинг 60 дан ортиқ фотосуратлари намойиш қилинди. Булар “2013 йилнинг энг яхши театр ва кино режиссёр”лари Ҳайдарали Қосимов ва Ҳилол Насимовлар, актрисалар Раъно Шодиева ва Одина Саъдуллаева, ”2013 йилнинг энг моҳир амалий санъат устаси” Ортиқали Файзуллаев, журналист Маҳмуд Саъдий каби кўплаб ижодкорлардир.
Ҳар бир бола ёшлигидан таниқли инсонлардан биронтасига ўхшагиси келади. Бугун фотосиймолари намойиш этилаётган ҳар бир соҳа кишисининг шу даражага етиши ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг орқасида қанча меҳнату, сабру тоқат керак бўлади. Эртанги кун ворисларининг бунданда кучлироқ ва билимли бўлиши, ўзбекона қадриятлар ва анъаналарни давом эттиришида эл ичра қадр топган ушбу инсонларнинг ижоди ва фазилатлари ўрнак бўла олади. Назира Боймуродованинг фотокўргазмаси айнан ана шундай инсонларнинг ижодидан бир намунадир.
Ижодий учрашув фотокўргазма доирасида ташкил қилинди. Эл таниган ижодкорлар билан яқиндан суҳбат қуриш, улар ижодидан баҳраманд бўлиш мана шу учрашувни ташкил этишнинг асосий мақсади эди.