2013 йил 21 август куни соат 17.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро Маданият карвон саройининг катта залида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 22 йиллигига бағишланган Ўзбекистон Бадиий Академияси Ижодкорлар уюшмаси аъзоларининг “Ранглар жилоси” номли кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
1991 йил 31 август санасини юртбошимиз И. Каримов “қўлга киритилган миллий мустақиллик – XX асрда халқимиз томонидан амалга оширилган буюк маънавий жасорат намунасидир” деб атаган эди. Дарҳақиқат, 22 йил ўтиб, ушбу жасорат намунаси - тили, миллати, дини, армиясига эга бўлган буюк, қудратли мамлакатга айланди.
Мамлакатимизнинг мустақиллиги арафасида жойларда “Тўйга тўёна” тарзида кўплаб тадбирлар уюштирилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Бадиий Академияси Ижодкорлар уюшмаси аъзоларининг “Ранглар жилоси” номли кўргазмасини айтиш мумкин.
1938 йил ўзбекистонлик бир қатор тасвирий санъат намоёндалари таклифи ва саъй ҳаракатлари билан рассомларнинг профессионал – жамоатчилик ташкилоти бўлган “Ўзбекистон рассомлари уюшмаси” ташкил этилди. 1997 йилдан бошлаб “Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси” деб қайта номланди.
Ҳозирда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар, минтақаларда бир ярим мингдан ортиқ рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, маҳобатли санъат, амалий санъат, дизайн, саҳна безаги, санъатшунослик, халқ амалий санъати, бадиий фото бўйича аъзолар бирлашган. Ушбу аъзолар орасида кўплаб Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоблари, Халқ рассомлари, Халқ усталари, орден ва медаллар соҳиблари бор.
“Ранглар жилоси” номли кўргазмада Ўзбекистон Бадиий Академияси Ижодкорлар уюшмаси аъзоларидан 7 нафари иштирок этмоқда. Булар Нигора Латипова, Анвар Латипов, Тимур Рахметов, Татьяна Фадеева, Сарвиноз Қосимова, Саида Сатторова, Светлана Шин каби иқтидорли ва таниқли рассомлардир.
Рассомларнинг ўз дунёси бор. Ҳеч ким кўра олмаган томонларни рассом гўзаллик даражасига етказа олади. Шу боис ҳам улар асарлари хонадонларда деворларга осилган ҳолда қадрланади.
Кўргазмада рассомларнинг 50 дан ортиқ энг яхши санъат асарлари намойиш қилинмоқда. Шунингдек, Икуо Хираяма Халқаро Маданият карвон саройи заҳирасида сақланиб келаётган асарлар ҳам кўргазмадан ўрин олган. Турли тематик кўринишдаги бу ишларда рассомлар ўзига хос маҳорат билан ранглар орқали санъат асари яратишни кўрсатиб бера олишган.
Кўргазма шу йилнинг 10 сентябригача давом этади.
www.art-academy.uz
www.caravanserai.uz