2013 йилнинг 14 июнь куни соат 18.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро Маданият карвон саройида Икуо Хираяманинг “Шарқ ва Ғарб” кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Икуо Хираяма 1930 йил 15 июнда Икичушими оролидаги Сетода шаҳрида туғилган.
Машҳур рассом, етук тадқиқотчи олим, жамоат арбоби Икуо Хираяма Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг ижодининг асосий қисмини Буюк ипак йўли мавзуси эгаллайди. Карвоннинг вазмин ҳаракатига монанд ҳолда туялар бўйнидаги қўнғироқлар элас – элас эшитилади, ёрқин бўёқлар ёрдамида қўним қурган сайёҳларнинг гулханлари рассом чизгиларида ўз ифодасини топади. Унинг “Ипак йўли”, “Лўландаги карвон”, “Эрталабки чўлдаги отлиқ” каби асарлари шулар жумласидандир.
Япон халқ намоёндаси Икуо Хираяма - Токио Миллий университетининг президенти ва ректори, Япониядаги ЮНЕСКО ассосиациясининг раиси, Буюк Ипак йўли фондининг президенти, Токиодаги Шарқ маданияти музейининг асосчиси ва директори, Афғонистон ва Эронда Маданий ва тарихий ёдгорликларни сақлаш фондининг асосчиси ва президенти.
Икуо Хираяма рафиқаси Мичико хоним билан биргаликда 150 марта Буюк Ипак йўлининг турли жойларида бўлиб, ажойиб асарлар яратган. Саёҳати давомида рассом Ўзбекистонда ҳам бўлиб, юртимизнинг меъморий обидаларга бой жойлари, жумладан, Самарқанд ва Бухоро ҳамда Тошкент шаҳрини томоша қилиб, тассуротлари натижасида кўплаб асарлар яратган. Айниқса, унинг асарларида ўзбек халқининг туриш - турмуши, бозорлари, қария ва аёлларининг тасвирланиши рассомнинг мана шу юртга қизиқиши, меҳр – муҳаббатидан ҳам дарак беради.
Икуо Хираяма 2002 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ўз маблағига “Маданият карвон саройи” (Икуо Хираяма Халқаро Маданият карвон саройи) ни барпо этди. Бу хизмати Ўзбекистон ҳукумати томонидан юксак баҳоланиб, “Тошкент шаҳрининг фахрий фуқароси” унвонига сазовор бўлди.
“Маданият карвон саройи” ташкил қилинаётган пайтда бу маскан ҳақида ўз фикрини шундай баён этади: “Археологик изланишларни, кўргазмаларни ташкил қилишни асосий мақсад қилиб, маданият ва санъатга интилаётган бутун дунёнинг ёшлари ташриф буюриб, чегарасиз алмашув қила оладиган марказ ва халқаро алоқалар алманишувларнинг таянчи бўлиб қолади”.
Ҳозирда ушбу марказ Ўзбекистон Бадиий Академияси қошидаги ташкилот сифатида маданий ва халқаро алоқалар алмашинувининг негизи сифатида фаолият олиб бормоқда.
Икуо Хираяманинг “Шарқ ва Ғарб” кўргазмасида рассомнинг 30 дан ортиқ энг яхши асарлари намойиш этилмоқда.
www.art-academy.uz
www.caravanserai.uz
ПРЕСС-РЕЛИЗ - “ИКУО ХИРАЯМА: ШАРҚ ВА ҒАРБ”